Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, амал ниятга кўра (баҳоланади). Ва кишига ўзи ният...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифда амаллар ниятларга қараб баҳоланишини хабар бердилар. Бу ҳукм барча ибодат ва муомалаларга тег...
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдик. Бир пайт кийимлари опп...
Умар разияллоҳу анҳу бу ҳадисда қуйидагиларни хабар бермоқдалар: «Бир куни Жаброил алайҳиссалом саҳобаи киромлар олдига улар танимайдиган киши кўриниш...
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Уфайр номли эшак устида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мингашиб олган эдим. Расулул...
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг бандалар устидаги ва бандаларнинг Аллоҳ таоло устидаги ҳақлари тўғрисида хабар бе...
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бир одам келиб: «Ё, Расулуллоҳ, икки хислат нима?» –...
Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат ёки жаҳаннамга олиб кирадиган икки хислат ҳақида сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи...
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга юбораётиб, унга дедилар: « Албатта, сен аҳли кито...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга даъватчи ва муаллим қилиб юбораётган вақтларида, насроний қавмларга йўл...

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, амал ниятга кўра (баҳоланади). Ва кишига ўзи ният қилган нарсаси (бўлади). Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг расули учун бўлса, демак, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг расули учун бўлибди (яъни, шу амалнинг савобини топибди). Кимнинг ҳижрати мол-дунёга эришиш ёки бир аёлга уйланиш учун бўлса, унинг ҳижрати ўзи ҳижрат (мақсад) қилган нарса учун бўлибди»,— дедилар. Бухорийдаги ривоятда: «Албатта, амаллар ниятларга кўра (баҳоланади). Ва ҳар бир кишига ўзи ният қилган нарсаси (бўлади)»,— дейилган.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдик. Бир пайт кийимлари оппоқ, соч-соқоли қоп-қора, устида сафар аломати кўринмаётган (кийимларига гард қўнмаган-ки, узоқдан сафар қилиб келибди, десак) ва биронтамиз ҳам уни танимайдиган бир киши тўсатдан пайдо бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб ўтириб, икки тиззасини (Расулуллоҳнинг) тиззаларига тиради (юзма-юз, бақамти бўлиб ўтириб олди), икки қўлини (ўзининг) сони устига қўйиб, «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг элчисидир»,— деб гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг, закот беришинг, Рамазон (ойи) рўзасини тутишинг ва йўлига қодир бўлсанг Байтга (Каъбага) ҳаж қилиб боришинг»,— дедилар. У: «Тўғри айтдинг»,— деди. Унинг ишидан ажабландик: ўзи сўраб, (жавобни) ўзи тасдиқлаяпти. Кейин: «Менга иймон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Иймон) Аллоҳга, Унинг малоика-фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтиришинг»,— дедилар. У: «Тўғри айтдинг»,— деб, кейин «Энди эҳсон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эҳсон) Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг, У сени кўради (биринчи ҳолатдагидек ибодат қила олмасанг, унда иккинчи ҳолатдагидек – Аллоҳ сени кўриб турганини ҳис қилиб, Унга ибодат қилишинг)»,— дедилар. У (савол беришда давом этиб): «Қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақида сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас (сен унинг қачон бўлишини билмаганингдек, мен ҳам бу ҳақида ҳеч нарса билмайман)»,— дедилар. У: «Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аломатлари) чўри ўз бекасини туғиши (фарзанд улғайиб ўз онасига худди чўрисидек муомала қилиши), ялангоёқ, яланғоч, қашшоқ, (олдин) қўй боқиб юрган кишилар баланд-баланд бинолар қуришда ўзаро мусобақага киришиши»,— дедилар. Кейин у одам кетди. Бир муддат жим туриб қолдик. Кейин (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, бу савол берувчи кимлигини биласанми?» – дедилар. «Аллоҳ ва Расули билгувчироқ», деб жавоб бердим. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «У Жибрил. Сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди»,— деб айтдилар”.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Уфайр номли эшак устида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳой Муоз, Аллоҳнинг бандалари устидаги, бандаларнинг эса Аллоҳ устидаги ҳаққи нима эканини биласанми?», – деб сўраб қолдилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир», – деб жавоб бердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги ҳаққи Унгагина ибодат қилиб, Унга бирон нарсани шерик қилмасликлари, бандаларининг Аллоҳ устидаги ҳақлари эса, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаган кимсани азобламаслигидир», – дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, одамларга бу башоратнинг хабарини берайми?» –деб сўрасам: «Бу хабарни айтма! Агар айтсанг, улар шунгагина суяниб қоладилар!» – деб жавоб бердилар.

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бир одам келиб: «Ё, Расулуллоҳ, икки хислат нима?» – деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга шерик қилмай оламдан ўтган киши жаннатга, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиб ўлган киши эса, жаҳаннамга киради», – деб жавоб бердилар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга юбораётиб, унга дедилар: « Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг олдига борасан. Уларнинг ҳузурига борганингда, уларни «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик беришга даъват қил. Агар улар сенга бунда итоат этишса, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш намоз (ўқиш)ни фарз қилганини айт. Агар улар сенга бунда ҳам итоат этишса, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган садақа (закот)ни уларга фарз қилганини айт. Агар улар бунда ҳам сенга итоат этишса, (закот олишда) сара молларини олишдан узоқ бўл. Мазлумнинг дуосидан сақлан, чунки у билан Аллоҳ ўртасида парда йўқдир».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида Қиёмат кунида шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким бўлади?» дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида Қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Мен шерикка энг беҳожат Зотман. Кимки бир амал қилса-ю, унда Мен билан бирга Мендан бошқани шерик қилса, ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этаман», деди».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимдан бош тортганлардан ташқари барчаси жаннатга киради», – дедилар. Шунда: «Йо Расулуллоҳ, ким бош тортади?», – дедилар. Шунда Пайғамбаримиз: «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким осийлик қилса, бас (жаннатдан) бош тортибди», – дедилар.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деётганларини эшитдим: «Мени насронийлар Ибн Марямни кўкларга кўтариб мактагани каби мақтаманглар. Чунки мен У Зотнинг бандасиман, холос. Шу боис «Аллоҳнинг бандаси ва Расули», денглар».

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан бир оятни бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроил ҳақида сўзлайверинглар, танглик йўқ. Ким менга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», дедилар».

Миқдом ибн Маъдийкариб разияллоҳу анҳудан нақл қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Огоҳ бўлингким, шояд ўз сўрисида суяниб ўтирган одамга мендан битта ҳадис етиб борса: «Биз билан сизларнинг ўртангизда Аллоҳнинг китоби бор. Унда нимани ҳалол деб топган бўлсак, ўша ҳалолдир. Нимани ҳаром деб топган бўлсак, ўша ҳаромдир», – дер. Ҳолбуки, Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаром қилган нарса Аллоҳ ҳаром қилгани каби».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим, қабримни (ибодат қилинадиган) бир бут ҳолига келтирма! Аллоҳ пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган қавмни лаънатлади», дедилар».